Maqolalarga o‘tish
kkomplexsoft.
Bosh sahifa ↗
← BARCHA MAQOLALAR

1.Пост Ҳозир ҳамма бир хил савол билан банд:

Micro Бизнес Блог · Matn asl tilida

1.Пост Ҳозир ҳамма бир хил савол билан банд: сунъий интеллект одамни алмаштирадими, кимни биринчи “ейди”, охири биздан нима қолади? Мен бу мавзуга бироз хотиржамроқ қарайман. ИИ бугун жуда кўп нарсани қила олади. Баъзида ҳатто хавотирли даражада кўп нарсани. Ёзади, ҳисоблайди, йиғади, таққослайди, тезлаштиради. Ҳа, ишнинг бир қисмини олиб қўяди. Бу ҳам тез бўлади. Айниқса одам йиллар давомида бир хил шаблон иш қилиб, шуни “экспертлик” деб юрган бўлса. Лекин бир нечта нарса борки, ИИ уни қилмайди. Ростини айтсам, яқин орада қила олади деб ҳам ўйламайман хам. У маъно яратмайди. У сизга стратегия йиғиб бериши мумкин. Компания учун миссия ёзиб бериши мумкин. 20 хил позициялаш вариантини, бренд қадриятларини, ҳатто нега айнан шу йўл сизга тўғри келишини ҳам чиройли тушунтириб беради. Ха... лекин... Лекин муаммо шундаки, буларнинг ҳаммаси - гап. Баъзида ақлли гап. Баъзида жуда аниқ ва тиниқ. Лекин барибир қуруқ гаплар. Маъно чиройли жумладан туғилмайди. Маъно инсоннинг ўзида ставкa бор жойда туғилади. - Мен ўзи нима қураяпман? - Нима учун бу иш билан шуғулланяпман? - Бу бизнесда мен учун нима муҳим, нима эса умуман муҳим эмас? - Қаерда пул йўқотишга тайёрман, лекин ўзимга қарши бормайман? - Қаерда эса “ғоя” ўйинини бас қилиб, нормал ҳисоб-китоб қилиш керак? Мана шуни ИИ сиз учун ҳал қилмайди. Чунки маъно - матн эмас. Маъно - танлов. Баъзан ноқулай танлов. Баъзан қиммат танлов. Баъзан шундай танловки, ундан кейин “мен ҳали вариантларни кўряпман” деб юриш энди иш бермайди. Тадбиркор нима учун бизнес қураётганини ўзи тушунмаса, бу жуда тез билинади. Жамоа қаерга кетаётганини - тушунмайди. Мижоз нега айнан сизни танлаши керак - англамайди. Бизнес эгасининг ўзи эса икки орада қолади: “масштаб керак” дейди, кейин “тинч, бош оғримайдиган компания керак” дейди. “Премиум бўламиз” дейди, кейин “майли, фақат сотилсин” деб чегирма беришга тушади. Бу маркетинг муаммоси эмас. Бу - маъно муаммоси. ИИ бу ерда ёрдамчи бўлиши мумкин, албатта. Фикрни тезроқ йиғишга ёрдам беради. Вариантларни кўрсатади. Кўрмай турган жойингизни очиб беради. Лекин фикрнинг ўзини туғдириб бермайди. Чунки асосий савол: “ИИ менга нима деб маслаҳат бера олади?” эмас Асосий савол бошқача: “Мен ўзим нимагa шунчалик ишонаманки, шунинг атрофида компания, маҳсулот, жамоа ва обрў қура оламан?” бўлиши керак Ҳаммаси шу ердан бошланади. Агар маъно бўлмаса - ИИ сизга фақат бегона, хом ёки тасодифий ғояни тезроқ масштаб қилишга ёрдам беради, холос. Агар маъно бўлса - ана ўшанда ИИ ҳақиқатдан ҳам кучли кучайтиргичга айланади. Менимча, бу ердаги энг катта бурилиш ҳам шу. Келажак ИИдан фойдаланишни ўрганганларда эмас. Келажак - кучайтиришга арзийдиган нарсаси бор одамларда. Лекин кейинги жойи янаям қизиқроқ. Чунки маъно борлиги ҳам ҳали етарли эмас. Кучли ғоянгиз бўлиши мумкин. Яхши маҳсулотингиз бўлиши мумкин. Ақлли жамоангиз ҳам бўлиши мумкин. Лекин барибир деворга уриласиз - фақат ўзингизга нотўғри савол берганингиз учун. Агар маъқул келган бўлса, постни давоми айнан шу ҳақида бўлади. Аниқроғи, ташқаридан оддий кўринадиган, аслида эса бизнесга жуда қимматга тушадиган яна бир кўникма ҳақида: тўғри савол қўя олиш қобилияти ҳақида. Маъқул 👍 ёки керак эмас 👎 --- Рақамларни ҳисобланг, бизнес билан шуғулланинг!
MICROBUSINESS · BEPUL TRENING

Tarqoq harakatlardan — aniq tizimga.

Biznesingizni tizimlashtirish haqida 24 daqiqalik bepul amaliy video-trening.

Bepul treningni tomosha qilish ↗