Maqolalarga o‘tish
kkomplexsoft.
Bosh sahifa ↗
← BARCHA MAQOLALAR

📊 Битта харидор нархи: CAC

Micro Бизнес Блог · Matn asl tilida

📊 Битта харидор нархи: CAC Бизнесда ҳамма рақамлар бир хил аҳамиятга эга эмас. Баъзи рақамларни билмасангиз ҳам яшайверасиз. Лекин шундай рақамлар борки, уларни билмаслик яхшигина пулга тушади. CAC - шулардан бири. CAC - бу ҳақиқий пул тўлаган битта мижозни жалб қилиш қиймати. Лид эмас. Заявка эмас. Телефон рақам қолдирган одам ҳам эмас. Ҳамёнини очиб, сизга пул тўлаган мижоз. Кўпчилик ўз CAC'ини биламан деб ўйлайди. Аслида эса реклама харажатини билади, холос. Бу иккаласи битта нарса эмас. Чунки мижозни фақат реклама олиб келмайди. Унинг ортида маркетолог бор. Сотувчи бор. Контент бор. CRM бор. Рассылка бор. Аналитика бор. Яна кимларни комиссияси бор. Оддий қилиб айтганда - мижоз келиши учун сарфланган ҳамма нарса бор. Кейин эса тадбиркор ҳисоботга қараб: - Бизда битта мижоз $20 га тушяпти. деб хурсанд бўлаверади. Ҳисоб-китобни охиригача чиқариб кўрсак-чи. Маълум бўлади-ки: $20 эмас. $45. Баъзида $60. Баъзи ҳолларда эса ҳисобламаган яхшироқ... кайфият бузилиши мумкин. (хазил албатта 😉) Формула жуда оддий: CAC = жалб қилишга кетган барча харажатлар ÷ янги тўлов қилган мижозлар сони. Муаммо формула эмас. Муаммо - ҳисобни холис-ҳалол қилишда. Мен учта нарсага алоҳида қарар эдим. Биринчидан. Ҳар бир канални алоҳида ҳисобланг. Ўртача рақамлар кўпинча ҳақиқатни яширади. Битта канал бизнесни боқиб туриши мумкин. Бошқаси эса жимгина бюджетни ёқиб юради. Умумий ҳисоботда эса ҳаммаси чиройли кўринади. Чиройли. Лекин фойдасиз. Иккинчидан. CAC'ни битта чек билан эмас, мижознинг умумий қиймати билан солиштиринг. Масалан, битта мижозни олиб келиш учун $100 сарфладингиз. Бу қимматми? Ҳали билмаймиз. Агар кейин у сизга $1000 фойда келтирса - зўр!. Агар $80 келтирса - бу муаммо. CAC рақамининг ўзи ҳеч нарсани англатмайди. Контекст керак. Учинчидан. Бу ҳисобни доим янгилаб туринг. Бозор ўзгаряпти. Реклама қимматлашяпти. Рақобат кучайяпти. Кеча ишлаган нарса бугун нолга чиқиши мумкин. Ёки умуман зарарга. Шунинг учун баъзан ўтириб, CAC'ни бошидан ҳисоблаб чиқиш фойда беради. Барча маошлар билан. Барча сервислар билан. Барча комиссиялар билан. Агар чиққан рақам ёқмаса - хавотир олманг. Ёмон хабар бу эмас. Ёмон хабар - уни аввал билмаганингиз эди. Ҳеч бўлмаганда энди ниманидир бошқариш мумкин. Чунки бизнес умид билан эмас, рақамлар билан бошқарилади. --- Рақамларни ҳисобланг, бизнес билан шуғулланинг!
MICROBUSINESS · BEPUL TRENING

Tarqoq harakatlardan — aniq tizimga.

Biznesingizni tizimlashtirish haqida 24 daqiqalik bepul amaliy video-trening.

Bepul treningni tomosha qilish ↗