3-пост. ИИ ахлоқий қарорни алмаштирмайди.
ИИ ҳақида гап кетганда кўпчилик бир муҳим нарсани четлаб ўтади.
Ҳа, ИИ қарор қабул қилишда ёрдам беради.
Маълумотни тез йиғади.
Вариантларни солиштиради.
Хавфларни кўрсатади.
Оқибатларни ҳисоблайди.
Лекин бир нуқта борки, шу ерда унинг имкониятлари ёрдам бермайди.
ИИ сиз учун нима мумкин, нима мумкин эмаслигини ҳал қилиб бермайди.
Асли энг оғир қарорлар рақам ҳақида эмас.
Улар чегара ҳақида.
Масалан:
- етказиб берувчини (ахволини била туриб) охиригача сиқиб, яна арзонроқ нарх талаб қилиш мумкинми?
- жамоа улгурмаслигини била туриб, мижозга барибир ваъда бериш мумкинми?
- иқтисод яхшироқ кўринсин деб ходимларни кескин қисқартириш мумкинми?
- бировнинг маҳсулотини деярли кўчириб, буни “стратегия” деб сотиш мумкинми?
- тезроқ ўсиш учун манипуляция, "серый" схема ёки босимдан фойдаланиш мумкинми?
Бу саволларга ИИ совуққонлик жавоб беради.
У: мана оқибати, мана эҳтимол, мана молиявий эффект, мана юридик хавф. дейди холос
Лекин энг асосий:
шундан кейин сиз қандай одамга айланасиз ва қандай бизнес қураётган бўласиз? деган жавобни у бермайди
Бу энди маълумот ҳақида эмас. Бу ички каркас (қадриятлар) ҳақида.
Тадбиркорда битта хавфли васваса бўлади.
Бизнес катталашган сари, пул кўпайган сари, масъулият оғирлашган сари - одам ҳамма нарсани “самарадорлик” билан оқлашни бошлайди.
“Бу нотўғри” демайди.
“Бу вақтинчалик чора” дейди.
“Мижозни алдадим” ўрнига.
“Бошқа илож йўқ эди” дейди.
“Жамоани тарқатиб юбордим” эмас.
“Бу бошқарув қарори” дейди.
Мана шу ерда хавф бошланади.
Чунки одам яхши билан ёмон ўртасида эмас, қулай билан ноқулай ўртасида танлай бошлайди.
Секин-секин эса бу иккисининг фарқини ҳам кўрмай қўяди.
Ростини айтсам, кўп бизнес фалокатлари нотўғри стратегиядан ҳам, пул етишмаслигидан ҳам олдин бошланади.
Улар инсоннинг ўзи билан қилган кичик ички келишувидан бошланади.
Бир марта керакли жойда гапирмади.
Бир марта бажара олмайдиган нарсани ваъда қилди.
Бир марта рақамларга кўз юмди - “кейин кўрамиз” деб.
Бир марта тез натижа учун репутациясини сотди.
Кейин бу бир марталик ҳолат бўлмай қолади.
Бу бошқарув услубига айланади.
ИИ бу ерда бефойда бўлиб қолади. Кучи етмагани учун эмас. Аксинча, у ҳаддан ташқари нейтрал. У уялмайди. Сизнинг қарорингиз оқибатини ўзи кўтармайди. Сиз алдаган ходимнинг кўзига қарамайди.
Мижозга беролмаган натижа учун изоҳ бермайди. Сиз қурган маданият ичида яшамайди.
Шунинг учун ахлоқий қарор - бу “чиройли гап” эмас.
Бу жуда амалий масала.
Айнан шу нарса ҳал қилади:
- одамлар сиз билан яна ишлайдими-йўқми;
- мижоз иккинчи марта келадими-йўқми;
- жамоа оғир пайтда ёнингизда қоладими-йўқми;
- бир неча йилдан кейин бизнесингиз нимага айланади.
Менимча, ахлоқ - стратегиянинг бир қисми.
Чунки пул, тезлик ёки қулайлик учун қабул қилинган ҳар бир қарор бир кун келиб ўз баҳосини олиб келади.
Баъзан молиявий.
Баъзан репутацион.
Баъзан инсон сифатидаги баҳосини.
Охиргиси эса, одатда, энг қиммати бўлади.
Шунинг учун ҳа, ИИ сизга нимаси фойдалироқ эканини ҳисоблаб беради.
Лекин сиз учун нима тўғри, нима нотўғри - буни ҳал қилмайди.
Қаерда сиз ҳали ҳам узоққа бизнес қураётган тадбиркорсиз, қаерда эса принципларингизни “рационал қарор” деб сотиб юбораётган одамга айланяпсиз - мана шу чизиқни ИИ чизиб бермайди.
Ва менимча, айнан шу ерда инсон алмаштириб бўлмайдиган бўлиб қолади.
Кейинги постда бошқа муҳим нуқтага ўтамиз.
Одам ақлли бўлиши, ҳалол бўлиши, тўғри савол бера олиши мумкин. Лекин барибир эски қолип ичида ўйлаётган бўлиши ҳам мумкин.
Кейинги пост - янги фикрлаш фреймворкларини яратиш ҳақида. Яъни мавжуд тизим ичида жавоб топиш эмас, тизимнинг ўзини ўзгартиришни ИИ эплай оладими, йўқми ҳақида.
Фақат😉 Имо-ишора берворилар, давом этамизми? 🔥
йўқми 👎
---
Рақамларни ҳисобланг, бизнес билан шуғулланинг!
MICROBUSINESS · BEPUL TRENING
Tarqoq harakatlardan — aniq tizimga.
Biznesingizni tizimlashtirish haqida 24 daqiqalik bepul amaliy video-trening.
Bepul treningni tomosha qilish ↗