Мавсумий бизнесдаги катта хато - яхши мавсум ҳеч қачон тугамайди, деб ўйлаш.
Савдо қизғин кетяпти. Пул тушяпти. Ҳисобдаги қолдиқ ортяпти.
Шунда одамнинг хаёлига бир фикр келади:
«Энди ишлар изига тушди.»
Аслида энг катта хатолар айнан шу пайтда бошланади.
Харажатлар ошади.
- Янги одамлар ишга олинади.
- Қўшимча офис.
- Янги ускуналар.
- Ўзига кўпроқ пул ажрата бошлайди.
Кейин эса мавсум тугайди. Савдо пасаяди. Лекин харажатлар ўша-ўша қолади. Натижада кўпчиликка таниш ҳолат бошланади. Бизнесни сақлаб қолиш учун тадбиркор яна шахсий пулидан, ёки яна хам ачинарлиси бошқалардан қарз олиб, кассага қўшишга мажбур бўлади.
Аслида муаммо мавсум тугаганда эмас, ундан анча олдин бошланган бўлади. Ҳамма нарса яхши кетаётган пайтда.
Агар бизнесингиз мавсумга боғлиқ бўлса, иккита қоидани унутманг.
Биринчиси.
Мавсумда келган ортиқча даромадни эркин пул деб қабул қилманг. Унинг бир қисмини дарҳол захирага (фондларга) ажратинг.
Бу эҳтиёткорлик, пессимистлик эмас.
Бу келажакдаги иш ҳақи, ижара ва мажбурий тўловлар учун тайёрланган пул.
Иккинчиси.
Доимий харажатларни йилнинг энг яхши ойига қараб қурманг. Уларни оддий ойларга қараб режалаштиринг.
Жамоа имкони борича мослашувчан бўлсин. У ҳам мавсумга қараб кенгайиб, керак бўлса қисқара олиши лозим.
Харажатлар назоратда бўлсин.
Энг муҳими - молиявий моделингиз олдиндан кўрсатсин:
- қайси ойда қанча пул киради,
- қанча чиқади,
- ва ҳисобда нима қолади.
Шунда кутилмаган ҳолатлар анча камаяди.
Мавсумийликнинг ўзи муаммо эмас.
Муаммо - вақтинчалик муваффақиятни доимий ҳолат деб қабул қилиш. Кассадаги танқислик ҳам айнан шу ердан бошланади. Бизнес ёмонлиги учун эмас. Савдо баланд ойлар "ёмон" ойларга тайёрлаб қўйилмагани учун.
---
Рақамларни ҳисобланг, бизнес билан шуғулланинг!
MICROBUSINESS · BEPUL TRENING
Tarqoq harakatlardan — aniq tizimga.
Biznesingizni tizimlashtirish haqida 24 daqiqalik bepul amaliy video-trening.
Bepul treningni tomosha qilish ↗