К содержимому
kkomplexsoft.
На главную ↗
← ВСЕ СТАТЬИ

2-пост. ИИ тўғри савол қўйиш қобилиятини алмаштирмайди

Micro Бизнес Блог · Текст на языке оригинала

2-пост. ИИ тўғри савол қўйиш қобилиятини алмаштирмайди Одамлар битта нарсани доим кам баҳолайди. Ҳамма жавобни яхши кўради. Тез бўлсин, аниқ бўлсин, яхшиси чиройли қилиб тузилган бўлсин. ChatGPT’ни очди, савол берди, режа олди, рўйхат олди, таҳлил олди - ва гўё муаммо ҳал. Лекин муаммо бошқа жойда. Жавоб деярли ҳеч қачон уни туғдирган саволдан кучли бўлмайди. ИИ ҳозир яхши жавоб беради. Баъзида жуда яхши. Маълумот йиғади, тартиблайди, вариант беради, вақтни тежайди. Лекин у сиз учун битта муҳим ишни қилмайди: қайси саволни бериш кераклигини ўзи топиб бермайди. Аслида энг қийматли жой шу ерда. Чунки бизнес кўпинча жавоб йўқлигидан синмайди. У олдинроқ синган бўлади - тадбиркор ўзига нотўғри савол берган пайтда. Масалан, «Нега фойдамиз тушиб кетяпти?» деб сўраш ўрнига, балки «Биз асли нима орқали пул топяпмиз, нима эса фақат оборот ва "иш бордек иллюзия" беряпти?» деб сўраш керакдир. Ёки «Сотувни қандай оширсам бўлади?» эмас, балки «Бизга ҳозир шу маржа, шу мижозлар ва шу юклама билан яна кўпроқ сотув керакми ўзи?» Ёки «Кучли раҳбарни қаердан топамиз?» эмас, балки «Бизнида, ўзи кучли раҳбар ишлай оладиган тизим борми, ёки биз тартибсизлик ичида қаҳрамон қидиряпмизми?» Сўз ўйинига ўхшайди. Аслида эса фарқ жуда катта. Нотўғри савол ҳатто жуда ақлли одамни ҳам нотўғри томонга олиб кетади. Тўғри савол эса баъзан ойлаб вақтни, анча пулни ва бир неча "килограмм" асабни тежайди. Янада "қўполроқ" айтсам: кўп бизнесларнинг сифати - тадбиркор ўзига қандай савол бера олишига бориб тақалади. Чунки савол - бу рамка. Рамка эса нимани кўришингизни ҳал қилади. Бир ҳафта “тушумни кўтариш керак” деб юриш мумкин. Лекин муаммо тушумда эмас, касса узилишида бўлиши мумкин. Ёки паст оборачиваемостьда. Ёки мижозларнинг ярми сизга умуман фойда бермаётганида. “Янги маркетинг канал керак” деб ўтириш мумкин. Лекин эски лидларнинг ўзи ҳали нормал ишланмаётган бўлади. Яна маҳсулотни чексиз яхшилаб юриш мумкин. Лекин сотувни тушираётган жой маҳсулот эмас - етказиб бериш, сервис ёки сотув бўлими раҳбари бўлиши мумкин. ИИнинг хатарли томони ҳам шу - у жуда фойдали. Жуда тез жавоб беради. Ва агар сиз нотўғри савол берган бўлсангиз, у сизга ўша нотўғри йўлни янада тезроқ, чиройлироқ ва “ҳаммаси назоратда” деган ҳис билан давом эттиришга ёрдам беради. Яъни муаммо энди “билмайман”да эмас. Муаммо - нотўғри томонга тезроқ кетиш мумкинлигида. Шунинг учун тўғри савол қўя олиш қобилияти энди яна қимматроқ бўлади. Баъзан тўғри савол ёқимсиз эшитилади. Чунки у қулай манзарани бузади. Масалан: - муаммо бозорда эмас, бизда бўлса-чи? - бизга янги маҳсулот эмас, эскисини ёпиш керак бўлса-чи? - компаниядаги асосий тор жойнинг ўзи бизнес эгаси бўлса-чи? - бизнес ўсаяпти, лекин нотўғри томонга ўсаяпти бўлса-чи? Мана шу ерда жиддий суҳбат бошланади. Ва мана шу ерда ИИ ҳақиқатан фойдали бўлади. Сизнинг ўрнингизга эмас - сиздан кейин. Аввал фикрлаш. Кейин инструмент. Аввал муаммони аниқ қўйиш. Кейин таҳлил, сценарий, гипотеза, режа. Чунки кучли ИИ, лекин фикри тарқоқ одам қўлида - бу прорыв эмас. Бу шунчаки тартибсизликни тезлаштириш. Мен учун хулоса оддий: келажак кўпроқ жавоб билганларга эмас, тўғрироқ савол бера оладиганларга тегишли. Кейинги пост эса яна қаттиқроқ мавзу ҳақида. Чунки тўғри саволнинг ўзи ҳам ҳали етарли эмас. Сиз вазиятни тушунишингиз мумкин. Оқибатни ҳам кўришингиз мумкин. Фойдани ҳам ҳисоблаб чиқишингиз мумкин. Ва шунга қарамай, барибир ўзингизни ҳам, бизнесингизни ҳам ичида емириб қўядиган қарор қабул қилишингиз мумкин. Кейинги пост - этик ҳукм (қадриятлар) ҳақида. Яъни масала энди “нима фойдали?”да эмас, “мен учун нима мумкин, нима мумкин эмас?” деган жойда бошланади. маъқулми? 🔥 зерикарлик-ми? 👎 --- Рақамларни ҳисобланг, бизнес билан шуғулланинг!
MICROBUSINESS · БЕСПЛАТНЫЙ ТРЕНИНГ

От разрозненных действий — к понятной системе.

Бесплатный практический видеотренинг о систематизации бизнеса, 24 минуты.

Смотреть бесплатный тренинг ↗