К содержимому
kkomplexsoft.
На главную ↗
← ВСЕ СТАТЬИ

7 Пост. Ноаниқликда қарор қабул қилиш қобилияти.

Micro Бизнес Блог · Текст на языке оригинала

7 Пост. Ноаниқликда қарор қабул қилиш қобилияти. Умумий мавзуимиз БИЗНЕС бўлгани учун, ИИ ни имкониятларини шу нуқтаи назардан қараб сухбат қиламиз. ИИ ҳозирча бир нарсани чиндан ҳам қила олмайди. Ростини айтсам, кейинчалик хам қила оладими - билмайман. Бу - маълумот етарли бўлмаган пайтда қарор қабул қилиш. Ҳамма нарса ҳисобланган пайт эмас. Жадваллар тайёр, рақамлар жойида, сценарийлар чиқарилган пайт ҳам эмас. Йўқ. Гап бошқа вазият ҳақида кетяпти. Маълумот кам. Вақт кам. Хато қимматга тушиши мумкин бўлган пайт. Лекин бариьир қарор қилиш керак. Мана шу - тадбиркорнинг одатий муҳити. Бизнесни кўпчилик гўёки соф ҳисоб-китоб деб ўйлайди. Ўтирдинг, рақамларни кўрдинг, вариантларни солиштирдинг - ва энг тўғрисини танладинг. Кўпинча шундай. Лекин баъзи ҳолатларда - йўқ. Кўп ҳолатда бизнес дегани - ишонч пайдо бўлишидан олдин қарор қабул қилиш. Янги йўналиш очиш ёки очмаслик. Қиммат, лекин кучли одамни олиш ёки яна бироз куттириш. Нархни ошириш. Янги бозорга кириш. "Юргизиш" учун жуда кўп вақт ва пул кетган маҳсулотни ёпиш. Шу ердан ҳақиқий "иш" бошланади. Чунки бу нуқтада сизда ҳеч қачон тўлиқ манзара бўлмайди. Сизда парчалар бўлади: бироз рақам, бироз сигнал, бироз тажриба, бироз ички ҳиссиёт. Ва шу ҳолатда қарор қилиш керак. ИИ бу ерда ёрдам беради. Жуда яхши ёрдам беради. Маълумот йиғади. Сценарий кўрсатади. Хавфларни чиқаради. Фикрни тартибга солади. Лекин энг асосий ишни қилиб беролмайди. У сизни ўрнингизга таваккал қила олмайди. Чунки ноаниқликдаги қарор - деярли ҳар доим таваккал. Мен бу ерда кўр-кўрона хатарни айтмаяпман. Яхши тадбиркор қиморбозмас. Лекин барибир бир пайт келади ва сиз ўзингизга шундай дейсиз: ҳа, маълумот тўлиқ эмас. ҳа, кафолат йўқ. лекин мен барибир шу қарорни қабул қиламан Мана шу ерда "инсон омили" бошланади. Чунки бу ерда фақат таҳлилнинг ўзи камлик қилади. Бу ерда ички босимни ҳам кўтара олиш керак. Хато қилиш эҳтимолини. Ҳеч ким олдиндан “тўғри қиляпсан” деб айтиб бермаслигини. Қарор пулга ҳам, жамоага ҳам, обрўга ҳам зарба бўлиши мумкинлигини. Ва шунга қарамай қарор қилишни. Менимча, шу нуқтада раҳбар билан ижрочининг фарқи аниқ кўринади. Ижрочи аввал аниқликни хоҳлайди, кейин ҳаракатни. Бу нормал. Лекин раҳбарга кўпинча тескарисига тўғри келади: аввал ҳаракат, кейин аниқлик. Бизнеснинг энг оғир томонларидан бири ҳам шу. Ҳамма ўсиш, эркинлик, масштаб ҳақида гапиришни яхши кўради. Лекин бизнес - бу ишонч тўлиқ бўлмаган пайтда ҳам қарор қабул қилиш мажбурияти. ИИнинг чеклови ҳам шу ерда. У ўтмишга таянади: маълумотга, паттернларга, аввал ишлаган нарсаларга. Лекин бизнес кўпинча ўтмишда бўлмаган вазиятда қарор талаб қилади. Контекст бошқа. Бозор бошқа. Жамоа бошқа. Сизнинг ўзингиз ҳам кечаги одам эмассиз. Шунинг учун тадбиркорлик интуицияси деган нарса бор. Бу сеҳр эмас. Бу - тажриба, хатолар, кузатув ва характерни битта нуқтада йиғиб, ҳали йўл тўлиқ кўринмаётган жойда ҳам қадам ташлай олиш қобилияти. Ҳа, баъзан бу қадам хато бўлади. Лекин қарорсиз қолиш ҳам қарор. Ва кўпинча энг қиммати шу бўлади. Чунки бизнесни кўпинча битта хато ўлдирмайди. Уни секин-секин қилинмаган қарорлар емиради. Доимий “яна бироз ўйлаб кўрайлик” емиради. Ҳамма нарса аниқ бўлишини кутиш емиради. Қисқаси: ИИ сизга ўйлашда, ҳисоблашда, вариантларни солиштиришда ёрдам беради. Лекин туман ичида, ишонч тўлиқ бўлмаган пайтда қарор қабул қилиш - ҳали ҳам инсоннинг иши. Кейинги пост эса - келажакни яратиш ҳақида бўлади. Яъни ҳали йўқ нарсани кўра билиш ҳақида. Катта бизнеслар кўпинча айнан шу ердан бошланади. --- Рақамларни ҳисобланг, бизнес билан шуғулланинг!
MICROBUSINESS · БЕСПЛАТНЫЙ ТРЕНИНГ

От разрозненных действий — к понятной системе.

Бесплатный практический видеотренинг о систематизации бизнеса, 24 минуты.

Смотреть бесплатный тренинг ↗